Наманганда 3D форматидаги пиёдалар йўлаги пайдо бўлди
Бу кўприк ёки шунга ўхшаш бирор мослама бўлса керак, деган хулоса чиқаришга шошилманг. Бу йўлак шаҳар кўчаларида асфальт устига чизиб қўйиладиган, ҳайдовчилар ёки йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари тили билан айтганда “зебра” чизиғидир.
Мазкур инновацион ғоянинг моҳияти шуки, пиёдалар ўтиш йўлаги узоқдан келаётган автомашина ҳайдовчиси кўзига муаллақ тургандай бўлиб кўринади ва ҳайдовчи ҳушёрлигини ошириб, тезликни камайтиради, натижада пиёдалар йўлдан хотиржам ўтишлари имконияти ортади. Бундай эффект “зебра”ни асфальтга 3D форматда тушириш орқали эришилади. Чизиқларининг ердан кўтарилиб тургандай кўриниши соялар ёрдамида ҳосил қилинади. Бунинг учун одатдаги оқ буёқдан ташқари, қора ҳамда кулранг бўёқнинг икки хил комбинацияси талаб этилади.
Мазкур ғоя муаллифи Наманган вилоят ИИБ Йўл ҳаракати бошқармаси йўл назорати бўлинмаси бошлиғи, катта лейтенат Элмурод Комиловдир. Мазкур ғоя қанчалик ўзини оқлашини, пиёдалар хавфсизлигини қай даражада таъминлашини вақт кўрсатади.