Жиззахда «Nexia» ҳайдовчиси 69 яшар пиёдани уриб, қочиб кетди
Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида пиёдани уриб юбориб, унинг ўлимига сабаб бўлган ҳайдовчи воқеа жойидан қочиб кетди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, тегишли идора ходимлари воқеа жойига етиб боришганда жабрланувчи тан жароҳатлари оқибатида ҳаётдан кўз юмгани аён бўлган.
Қайд этилишича, ҳодиса соат 22:40 ларда содир бўлган бўлган.
Олиб борилган тезкор қидирувлар натижасида ушбу йўл-транспорт ҳодисасини содир этган шахс Зарбдор тумани Нуробод МФЙда яшовчи «Nexia» ҳайдовчиси, 23 ёшли фуқаро бўлиб чиққан. Ҳайдовчининг айтишича, у катта эҳтимол билан йўлда ётган фуқаронинг устидан ҳайдаб, ўтиб кетган.
«Автомобилнинг олд давлат рақам белгисини ушлаб турувчи мосламаси синиқ бўлаклари воқеа жойида тушиб қолгани ҳамда топилган синиқлар солиштирилганида мазкур транспорт воситасига мос келаётгани аниқланди», — дейди Ғаллаорол тумани ЖХХ ЙҲХ бўлими бошлиғи Элдор Мамашарипов.
Айни пайтда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.