Тожикистон-Қирғизистон чегараси бўйлаб қатор участкаларда яна қуролли тўқнашувлар кузатилмоқда
Қирғиз-тожик чегарасида 16 сентябрь куни эрталабдан яна отишмалар бошланди. Айни пайтда чегаранинг ўндан ортиқ участкасида ўзаро отишмалар кетаётгани айтилмоқда.
Қирғизистон томони иддаосига кўра, қўшни давлат кучлари чегара ва фуқаровий объектларга ҳужум қилган, тўқнашувда ҳарбий бўлмаган шахслар иштирок этмоқда.
Тожикистон вакиллари эса биринчи ўқни қирғизистонлик ҳарбийлар отиб, оғир қуроллар ёрдамида “Душанбе” чегара заставасини ўққа тутишганини, шунингдек, бир неча аҳоли пунктига ҳужум қилишганини иддао қилмоқда.
Қайд этилишича, “Қизилбел” назорат-ўтказиш масканида Қирғизистоннинг Боткен вилояти ва Тожикистоннинг Сўғд вилояти раҳбарлари ҳамда икки мамлакат Чегара хизматлари масъулларининг учрашув ўтказиб, вазиятни муҳокама қилиши режаланган.
Икки давлат чегарасида 14 сентябрь куни ҳам отишмалар кузатилган. Ўшанда Тожикистон томонидан 2 киши қурбон бўлиб, 11 киши яралангани, Қирғизистон томонидан эса 5 киши жароҳатлангани айтилган.