Бир зўравонлик хотимаси: эр судланди, аёл қалби яраланди, фарзандлар руҳиятида эса тушкунлик
Донолар “Ғазаб – ақл чироғини ўчириб қўядиган кучли шамолдир” деб бежиз айтишмаган экан. Бу гапнинг нечоғли ҳаётий нақл эканлигини Андижонда содир бўлган нохуш воқелик яна бир бор исботлади.
Гап шундаки, Паҳлавон Жакбаров (исм-фамилиялар ўзгартирилди) билан 13 йиллик турмуш ўртоғи Хушнуданинг ўртасидан “ола мушук” ўтди. Аслида, арзимас сабаб туфайли бошланган оилавий жанжал ҳовури ҳадеганда босилавермагач, аёл тўрт фарзандини етаклаб шартта ота уйига кетиб қолди.
Паҳлавон “Онасининг олдида қачонгача юрарди? Икки кунда қайтиб келади-да” деган хаёлга боргани рост. Аммо Хушнуда қаттиқроқ хафа бўлган чоғи, эри ўйлаганидек, наинки икки кунда, балки бир ҳафта ўтса ҳамки қорасини кўрсатавермади.
Бундан жаҳли чиққан Паҳлавон шартта “Дамас”ини ўт олдирди-ю, Балиқчи туманига – қайнотасининг уйи томон йўл солди. Борсаки, хонадоннинг катталари ўз юмушлари билан кўчага чиқиб кетган, уйда аёли ва фарзандларидан бўлак ҳеч ким йўқ экан. Паҳлавон “Болаларни истироҳат боғига олиб бориб айлантириб келаман”, дея ўғил-қизларини машинага ўтқазди. Сўнг “сен ҳам биз билан борасан”, деб аёлига юзланди.
Хушнуда бу таклифдан бош тортиб, “Ҳақорат қилишингиздан, бақир-чақирларингиздан жуда зерикдим. Феълингизни ўзгартирсангиз, ўйлаб кўраман. Ёш боламассиз ахир?!” дея турмуш ўртоғидан ўпкаланди.
Бироқ Паҳлавон аёлининг эътирозларини эшитгиси келмади, аксинча, “Мен билан кетасан дедимми, тамом!” дея уни куч ишлатиб машинага ўтқазди. Камига фарзандлари кўз ўнгида аёлнинг қўл-оёқларини арқон билан боғлаб, йўлга тушди. Сержаҳл эрнинг ножўя хатти-ҳаракатлари шу билан кифояланса қанийди, йўлда машинани тўхтатиб, ердан тош олади ҳамда турмуш ўртоғининг бошига, оёқларига уч-тўрт бора зарб билан уради. Ғазабнок отага қарши бора олмаган болаларининг йиғлаб-сиқташи ҳам, ёлворишлари ҳам Паҳлавонга кор қилмайди.
Орадаги масофа узоқлиги боис аёл йўл-йўлакай арқонни ечишга муваффақ бўлади, Чинобод шаҳарчаси ҳудудида машина секинлаган пайтда эшикни очиб, пастга сакрашга улгуради…
Мазкур воқелик жиноят ишлари бўйича Балиқчи тумани судида ўрганиб чиқилди ҳамда баён этилган ҳолат тўла исботини топди. Паҳлавон Жакбаров Жиноят кодекси 105-моддасининг 1-қисми ва 138-моддаси 2-қисмининг “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Унга ойлик иш ҳақининг йигирма фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан 2 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Шунингдек, унинг ҳукм ўқилган санага қадар қамоқда ўтирган 22 куни ахлоқ тузатиш ишлари жазосининг 66 кунига тенглаштирилиб, тайинланган жазодан чегириб ташланди.
Шунча кўргуликдан жабр тортган Хушнуда суддан нимани талаб қилди, деган савол кўпларни қизиқтираётган бўлса ажабмас. Аёл айтдики, “Нима бўлса, бўлиб ўтди, ҳозир турмуш ўртоғим билан бирга яшаяпман, унга нисбатан даъвойим йўқ, шу боис енгиллик беришингизни сўрайман. Ахир у фарзандларимнинг отаси…”
Жабрланувчининг шу биргина кўрсатмаси кўплаб аёлларга хос сабр-бардош ва матонат, кечиримлилик, дийдаси юмшоқлик, оилапарварлик каби фазилатларга чизги бўлса, ажабмас.
Тўғри, аёл айтмоқчи, бўлар иш бўлиб ўтди. Жазодан бош мақсад тарбия экан, судланувчига бундан-да ортиқ жазо қўллашдан фойда йўқ. Зотан, Паҳлавлоннинг ўзи ҳам бугун қилмишидан чин маънода пушаймон. Аммо жаҳл келганда ақлини жиловлай олмайдиган, зўравонликка мойил шахслар бу воқеликдан хулоса чиқарадиган бир нечта жиҳат бор: ўйламай қилинган ҳаракат оқибатида эрга “судланган” деган тамға ёпишди, айни ҳол фарзандлар руҳиятига-да салбий таъсир кўрсатди. Аёлнинг эса… гарчи турмуш ўртоғини кечиргани билан, қалбида узоқ йиллар битмас яра пайдо бўлганига шубҳа йўқ.
Фурқат Собиров,
жиноят ишлари бўйича Балиқчи тумани суди раиси