“Ўзгидромет” Чимёндаги қор кўчкиси хавфидан огоҳлантирди
Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги Чотқол тизмасининг “Чимён” тоғлари табиий ҳудуди бўйлаб 2−4 январь кунлари қор кўчиши хавфи юзага келиши мумкин. Бу ҳақда Ўзбекистон Гидрометеорология хизмати маркази маълумот тарқатди.
“Ўзгидромет” шу муносабат билан тоғли ҳудудларда яшовчи фуқаролар, дам олувчилар ҳамда тоғли ҳудудларда ҳаракатланаётган ҳайдовчилардан эҳтиёт чораларини кўришни сўраган.
Янги йил байрами муносабати билан Ўзбекистонда аввалроқ президент фармони билан, иш ҳафтасининг туридан қатъи назар, 31 декабрдан 4 январгача дам олиш кунлари деб эълон қилинган эди. Таътил кунлари айниқса катта шаҳарлардан ҳордиқ олиш учун тоғли ҳудудларга йўл оладиганлар кам эмас.
Бу орада синоптиклар 3-4 январь кунлари Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида ёғингарчилик кутилаётгани, ҳафта охиригача кечаси ҳарорат – 8 даражагача совуқ, кундузи эса +14 даражагача илиқ бўлиши мумкинлигини маълум қилишган.