Муфтият: Рамазон ҳайитининг аниқ санаси ҳозирча номаълум
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази 19 апрель куни Рамазон ҳайитининг аниқ санаси ҳозирча номаълум бўлиб қолаётгани, аммо таҳминий ҳисоб бўйича ҳайит 21 апрелга тўғри келиши мумкинлигини маълум қилди.
“Рамазон ҳайити куни 2023 йил 21 апрель, жума кунига тўғри келиши ҳақида дастлабки хулосалар қилинмоқда. Айтиш мумкинки, АҚШ, Туркия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон каби бир қатор давлатлар томонидан жорий йил 21 апрель, жума кунини Рамазон ҳайити, деб эълон қилинди”, дейилади Фатво маркази билдирувида.
Маълумотда таъкидланишича, ҳозирда ҳайит кунини аниқлаш бўйича уламолар ва малакали мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ фаолият кўрсатмоқда. Фатво маркази ишчи гуруҳ 20 апрель куни якуний хулосаларини тақдим этишини ва шу куни Рамазон ҳайити санаси аниқ айтилишини билдирган.