Қирғизистон махсус хизмати террорчиликда гумонланган икки ўзбекистонлик қўлга олинганини билдирди
Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси Ўшда 17 апрель куни террорчиликда гумонланган икки нафар Ўзбекистон фуқароси қўлга олингани тўғрисида маълум қилди.
Расман билдирилишича, қўлга олинган М.З., ва М.Ф., “Тавҳид ва жиҳод катибаси”нинг Истанбулдаги ячейкаси аъзоси бўлганликда гумонланмоқда. Улар Ўзбекистон томонидан қидирувга берилгани таъкидланди.
Хабарда айтилишича, қўлга олинган шахслар Ўзбекистонда қидирувда бўлган. Улар Қирғизистон чегарасидан ноқонуний ўтган. М.З., ва М.Ф., Қирғизистонга сохта қирғиз паспорти олиш ва кейин “нотинч мамлакатлардан бирига чиқиб кетиш”ни режалаштирган.
Уларга нисбатан “Қирғизистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш” моддаси асосида жиноят иши очилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Озодлик радиоси 24 мартда Индонезия полицияси ижтимоий тармоқлар орқали “Тавҳид ва жиҳод катибаси” террор гуруҳи ташвиқоти билан шуғулланган 26, 28, 32 ва 40 ёшли тўрт нафар ўзбекистонликни қўлга олгани тўғрисида хабар берган эди.