Тўқаев Оролни қутқаришга кўпроқ маблағ ажратишга чақирди
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев дунё ҳамжамиятини Оролни қутқариш халқаро жамғармасига кўпроқ маблағ ажратишга даъват қилди. Бу масалани у Бирлашган Араб Амирликларининг Дубай шаҳрида ўтаётган БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференциясида сўзлаган нутқида кўтарган.
Қозоғистон етакчиси Марказий Осиёда ҳаво ҳароратининг кўтарилиши жиддий оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирган.
«Биз халқаро ҳамжамият иқлимга доир дастурларни молиялаштиришни ошириш бўйича мажбуриятларини кенгайтиради, деб умид қиламиз. Аммо молиялаштириш бу йўлдаги тўсиқлардан бири, холос. Агар 2050 йилда глобал ҳарорат кўтарилишини 1,5 даражагача чеклашга муваффақ бўлган тақдиримизда ҳам, Марказий Осиё мамлакатлари барибир ҳаво ҳароратининг 2,5 даражагача кўтарилиши муаммосига рўбарў келади. Бу эса сув танқислиги, кучли жазирама, чўлланиш ва экстремал гидрологик ҳодисаларга доялик қилади. Бинобарин, мослашиш муқаррар ва муҳимдир», – дейди Қ.Тўқаев.
Сиёсатчига кўра, Марказий Осиёда иқлим муҳофазасига янада жиддий аҳамият қаратиш мақсадида 2026 йилда Қозоғистонда БМТ шафелигида минтақавий иқлим саммити ўтказилади.