Энг катта фалокат олдинда турибди!..
Давлатларнинг бир-бирлари билан урушлари, табиий офатлар унинг олдида ҳолва… Энг даҳшатли ўша келадиган фалокатни ҳам одамларнинг ўзлари ўйлаб топишди. Тўғрироғи, биз азиз биладиган, ҳурматлайдиган, бошимизга кўтарадиган олимларимиз кашф этишди. Ҳозир “сунъий онг” деган бир бало пайдо бўлган. У айни дамда шунақанги шиддат билан ривожланиб бормоқдаки, гарчи буйруқ бермасангиз ҳам ўз-ўзидан ҳар бало юмушларни бажаришга киришиб кетган. Шунинг учун ҳам “сунъий онг” кашфиётчиси доктор Жеффри Хинтон “Google”ни тарк этди. Олим 1970 йиллардан бошлаб “сунъий онг” билан шуғулланишни бошлаган. Сўнгги ўн йилликда эса у жуда фаол бўлди ва кутилмаганда қўрқиб кетди. “Сунъий онг” — роботлар ҳамма нарсани жуда тез ўзлаштиришга тушишди. Улар ҳатто дастурлаш амалларини ҳам бажармоқда. Бу эса инсоният учун жуда катта хавф туғдиради. Айтайлик, келажакда уларнинг ўзлари инсонни аралаштирмасдан уруш режаларини тузишлари, янгидан-янги қирғин қуролларини ўйлаб топишлари, сунъий равишда инсоният бошига биз табиий дея ўрганиб қолган балоларни ёғдиришлари мумкин. Агар шу гаплар бундан ўн-йигирма йил олдин гапирилганида, эҳтимол, биров ишонмасди. Бироқ бугун бу нарса яққол кўзга кўриниб қолди.
Ҳозирча роботлар бемалол етказиб бериш ишларини, дўконларда харидорларга маҳсулотларни реклама қилиб бериш ишларини ва яна буюрсангиз, воқеаларни сиз ўйлаганчалик тасвирлаб қоғозга тушириб беришлари, видео ўйинларини яратишлари, самолётларнинг учиш-қўнишларини назорат қилишлари ва ҳоказо юмушларни бажаришаяпти. Аммо Жеффри Хинтон уларнинг бошқа кароматларига ҳам гувоҳ бўлиб қолди. Шу боисдан севимли ишидан воз кечди!