Ўзбекистон ҳакерлар энг кўп ҳужум қиладиган мамлакатлар қаторида саналди
Жорий йил бошидан буён ҳакерлар энг кўп МДҲ, Яқин Шарқ ва Осиё мамлакатларига ҳужумлар уюштиришган. Бу ҳақда “Лаборатория Касперского”нинг Яқин Шарқдаги тадқиқот маркази раҳбари Амин Ҳасбиний маълум қилган.
“Биз геосиёсий зиддиятлар рўй бераётган минтақаларда киберҳужумлар кўп бўлаётганини кўряпмиз. Осиё, Шарқий Европа, Шимолий Африка ва Яқин Шарқда кўплаб ҳадафли ҳужумлар қайд этилмоқда. Мамлакатлар орасида Ўзбекистон, Қозоғистон, Беларусь ва Туркияни ажратиб кўрсатиш мумкин. Россия ҳам киберҳужумлар сони бўйича рейтингнинг энг юқори поғоналарида турибди”, дея иқтибос келтирган РИА “Новости” агентлиги Ҳасбиний сўзларидан.
Мутахассиснинг айтишича, бу мамлакатлар жумладан сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда бунинг олдини олишга ҳаракат қилмоқда, бироқ киберҳужумларга қарши кураш турли йўналишли бўлиши лозим.
“Бу ерда албатта фойдаланувчилар билан ҳам, ширкатлар билан ҳам ишлаш, техник воситаларни жорий қилиш, тартибга солувчи норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда одамларнинг киберсаводхонлигини ошириш зарур. Бунга мисол ўлароқ пандемия пайтида фойдаланувчилар билан олиб борилган ишларни келтириш мумкин, ўшанда одамлар шубҳали ҳаволаларни босмаслик ҳамда интернетдан хавфсиз фойдаланишнинг бошқа асосларига ўргатилган эди”, деган эксперт.
Унга кўра, соҳасидан келиб чиққан ҳолда ҳар бир корхонада киберхавфсизликни таъминлаш учун ўзининг махсус қоидалари бўлиши лозим.
“Масофадан туриб ишлайдиган ходимларни ҳам, иш жараёни ва ишлаб чиқаришни ҳам ҳимоялаш лозим. Банк, саноат корхонаси ёки сув таъминоти ширкати ўзига хос жиҳатларидан (спецификасидан) келиб чиққан ҳолда муҳофаза қилишини шарт, бу ерда бирорта ҳам универсал ёндашувнинг ўзи йўқ”, дея қайд этган Ҳасбиний.