Бугундан доналаб сигарет сотиш бўйича тақиқ кучга кирди
Бугун, 2023 йил 26 август куни Ўзбекистонда «Алкоголли ва тамаки маҳсулотларининг тарқалиши ва истеъмолини чеклаш тўғрисида»ги қонун кучга кирди.
Янги қонунга мувофиқ Ўзбекистонда қуйидагилар тақиқланади:
— кўча сотувчиларининг фаолияти;
— махсус жиҳозланган савдо нуқталаридан ташқарида тамаки маҳсулотларини сотиш;
— ёрлиқсиз тамаки маҳсулотларини сотиш;
— сигаретларни «доналаб» сотиш;
— тамаки маҳсулотларини 21 ёшга тўлмаган шахсларга сотиш.
Мазкур талаблар «Алкоголли ва тамаки маҳсулотларининг тарқалиши ва истеъмолини чеклаш тўғрисида»ги қонунда белгилаб ўтилган.
Янги қонун 6 та боб ва 45 моддадан иборат бўлиб, қатор янгиликларни ўз ичига олади. Ҳужжатда асосий тушунчалар доирасини сезиларли даражада кенгайтирилди ва аввал бозорда тақдим этилмаган бир қатор янги турдаги маҳсулотларга таърифлар берилди.
Бу тамаки ва алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва қонуний муомалада бўлиш жараёнларини янада батафсил тартибга солиш, шу орқали санитария-гигиена ҳамда бошқа техник меъёрлар ва қоидаларга риоя этилишини таъминлаш имконини беради.
Янги қонун ушбу соҳадаги давлат сиёсатини амалга оширишда бевосита иштирок этувчи 20 дан зиёд давлат органларининг ҳуқуқ, бурч ва мажбуриятлари ҳамда алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ва истеъмолини чеклаш бўйича фаолиятини аниқ белгилаб беради. Булар ИИВ, солиқ органлари, божхона органлари, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси (МҚҚ), Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти ва бошқалар.
Ушбу қонун қонуний сигарет бозорини тартибга солишга, шунингдек, тамаки маҳсулотларининг ноқонуний савдосини камайтиришга ёрдам бериши керак.
Зеро, сигарет контрабандаси билан боғлиқ вазият ниҳоятда ҳалокатлидир. Биргина 2023 йилнинг 7 ойи мобайнида давлат бюджети 400 млрд. сўм йўқотган. Контрабанда даражаси бўйича етакчи ўринларни Фарғона водийси – 47.3% ва Тошкент шаҳри – 18.3% эгаллади. Ўзбекистонда тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасининг умумий улуши 24.8% ни ташкил этади.
Янги қонун кўча савдосини тугатилишига ёрдам бериши кутилмоқда. Чунки, тамагир савдогарлар ўз мижозларидан ҳужжат сўрамайди ва тамаки маҳсулотларини вояга етмаганларга сотадилар.