Германияда «Бавария-Ўзбекистон» ҳамкорлик жамияти ташкил этилди
Германиянинг Байройт шаҳрида «Бавария-Ўзбекистон ҳамкорлик жамияти» (BUK) ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Жамиятнинг асосий мақсади Бавария ва Ўзбекистон минтақалари, турли соҳалардаги ташкилотлари ва компаниялари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш, кенгайтириш ва чуқурлаштиришдан иборат. Ташкилот бошқарув кенгашини сайлаш учун бўлиб ўтган йиғилишда жамият президенти этиб байройтлик социология доктори Маркус Фидлер, вице-президенти лавозимига тадбиркор Карлхайнц Брайтцманн, бош котиб этиб тиббиёт доктори Маттиас Олшевский тайинланди.
Доктор Маркус Фидлер ўзининг президентлик вазифасидан ташқари маданий ва илмий ҳамкорликка, вице-президент Карлхайнц Брайтцманн иқтисодий ҳамкорликка, доктор Маттиас Олшевский эса тиббиёт ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорликка масъул бўлади.
Ҳамкорлик ташкилоти шаҳар вакиллари иштирокидаги маданий дастурлардан ташқари, ҳудуддаги йирик тадбиркорлар билан учрашувлар ташкил этишни режалаштирган. Тадбирда сўз олган жамият президенти доктор Маркус Фидлер Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги муносабатларнинг бугунги ҳолатини эътироф этди. Шунингдек, у Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги аҳамияти тобора ортиб бораётгани ва мамлакатимизнинг прагматик сиёсатига тўхталди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилда Германияга икки марта буюрган ташрифи натижалари алоҳида урғуланди.
«Биз фаолиятимизни айнан шу пайтда бошлаётганимиз бежиз эмас. Жамият фаолияти бутун Бавария ўлкасини қамраб олиши зарур. Шунингдек, яқин кунларда Бавария вазирликлари билан ҳам музокаралар ўтказиш режалаштирилган», деди жамият президенти.